NATIONAL CENTER FOR EDUCATION AND
INNOVATION IN AGRICULTURE
CITIZENS  APPEALS

Fuqarolarning murojaati


Тавсия: Тошкент вилояти фермерлари диққатига!

  • 16.05.2020

        Май ойи бошларидаги кучли даражада ёққан ёмғир натижасида зиён кўрган майдонларда ер етилиши билан қатқалоқни юмшатиш чораларини кўриш, бунда чигит тўлиқ униб чиқмаган майдонларда мотига ёрдамида қатқалоқни юмшатиш, ғўза ниҳоллари 70-80% униб чиққан майдонларда механик таркиби енгил ва ўртача бўлган тупроқларда культивация ўтказиш, механик таркиби оғир тупроқ бўлган майдонларда культиваторга қўшимча равишда юлдузча ўрнатилган бўлиши тавсия этилади.

Ёмғирлар натижасида механик таркиби оғир тупроқларда кучли қатқалоқлар ҳосил бўлиши кутилиб, бундай майдонларда қатқалоқнинг олди тезда олинмаса, қуёш иссиқлиги туфайли қатқалоқ қалинлашиб кетади ва ғўза ниҳолларининг илдиз бўғзи шишиб, озуқа моддаларнинг ўтишини тўхтатиб, ниҳолларнинг нобуд бўлишига олиб келади. Шунинг учун бундай майдонларда қатқалоқни юмшатишни асло кечиктирмаслик керак!

Соғлом ва текис кўчат ундириб олинган майдонларда тупроқнинг механик таркибига қараб культиватор органларини тўлиқ ва тўғри ўрнатиш, кўчатларнинг кўмилиб қолишининг олдини олиш учун культиватор органларининг ҳар бир секциясига 2 тадан (ўнг, чап) диска ўрнатилиши мақсадга мувофиқ бўлади.

Бундан ташқари чигит экилган ва бегона ўтлар босган майдонларда чопиқ ишларини амалга ошириш, 70-80 % чигит униб чиқган майдонларда намликни хаддан ташқари юқори бўлганлигини инобатга олган ҳолда ўлик намни йўқотиш, ўсимликларга ўсиш ва ривожланишини таъминлаш мақсадида зудлик билан қатор ораларига ишлов бериш керак. Культиватордаги ишчи органлар сонига қатъий эътибор бериш керак бўлиб, бунда 60 см. схемада экилганда  5 та ғозпанжа, 8 та ККО, 20 та наральник, агар ўт босган дала бўлса, 20 та наральник ва 8 та пичоқ ўрнатилиб, жами иш органи камида 33 та, қатор ораси 76 см. ёки 90 см. кенликда бўлганда 5 та ғозпанжа, 32-34 та ККО, бегона ўт тарқалган майдонда 8 та пичоқ 24-26 та наральник, жами 37-39 та иш органи ўрнатилиши шарт.

Биринчи ишлов беришда культиваторга (тупроқ юзаси қатқалоқ бўлса) ротацион юлдузча, пичоқлар ва чуқур юмшатиш панжаларини ўзаро мос ҳолда жойлаштириш керак. Шунда юлдузчалар 3-5 см., ўртадаги органлари 12-14 см., чеккадагилари эса 6-8 см. чуқурликда ишлов берадиган қилиб ўрнатилади. Агар қатқалоқ ҳосил бўлмаган бўлса, механик таркиби енгил, қумоқ, қумли ва ўртача бўлгантупроқларда культиваторнинг четки ишчи органлари 6-8 см., иккинчи жуфт органлар 8-10 см., учинчи жуфт органлар 10-12 см., ўртадагилари эса 60 см. қатор оралиғида 13-14 см., 76 ёки 90 см. қатор оралиғида 15-16 см. чуқурликка мослаб ўрнатилади.

Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат таъминоти
илмий-ишлаб чиқариш маркази
Матбуот хизмати