NATIONAL CENTER FOR EDUCATION AND
INNOVATION IN AGRICULTURE
CITIZENS  APPEALS

Fuqarolarning murojaati


Хитой қалампири ва Италия брокколи карами

  • 05.09.2018

 

Хитой қалампири ва Италия брокколи карами

 
Самарқанд вилоятида 1800 га яқин фермер хўжалиги жорий йилда илк бор 1500 гектар майдонда аччиқ қалампир экди. Экспортга мўлжалланган ушбу маҳсулот асосан мева-сабзавотчиликка ихтисослашган туманларда етиштирилмоқда.
 
98733254-42cc-45e8-8636-a5aa9ae91ba3.jpg
 
Жумладан, Жомбой туманидаги фермер хўжаликлари 830 гектар ерга маҳаллий ва хориждан келтирилган серҳосил аччиқ қалампир эккан.
 
– Бугунги кун фермердан бозор талабидан келиб чиқиб маҳсулот етиштириш ва кўпроқ даромад олишни тақозо этмоқда, – дейди тумандаги “Ҳақиқат” муқобил машина-трактор парки раиси Бахтиёр Нодиров. – Масалан, бизнинг иқлим ва тупроқ шароитимизга мос аччиқ қалампир экиб, даромад қилишни шу пайтгача ўйлаб кўрмаган эканмиз. Бу йил мутахассислар тавсияси асосида ва хорижий тажрибадан келиб чиқиб, туманимиздаги 179 фермер хўжалиги жами 44 гектар майдонда аччиқ қалампир экди. Ҳозир барча майдонларимизда мўл ҳосил етиштирилган. Айниқса, Хитойдан келтирилган нав ҳосилдорлиги анча юқори экан. Гектаридан 12 тоннагача маҳсулот олиш мумкин. Ҳозирда бир кило аччиқ қалампирнинг шартномада кўрсатилган харид нархи 2,5 минг сўм эканини ҳисобга олсак, деҳқон ушбу маҳсулотдан яхшигина даромад қилиши ўз-ўзидан аён бўлади. Шу боис, келгуси йилда яна ҳам кўпроқ майдонга қалампир экишни режалаштиряпмиз.
 
Туманда қалампир билан бирга брокколи карами, соя каби янги экин турлари ҳам кенг миқёсда экилмоқда. Хусусан, бу йил “Халилов Шерзод Шуҳратович” МЧЖ томонидан 63 гектар майдонга такрорий экин сифатида брокколи карами ва гулкарам экилди. Асосан экспортга чиқариладиган маҳсулот томчилаб суғориш технологияси асосида парваришланмоқда.
 
– Мутахассисларнинг фикрича, брокколи карами ўзининг фойдали хусусиятлари билан сабзавотлар орасида алоҳида аҳамиятга эга, – дейди Жомбой тумани қишлоқ хўжалик бўлими бошлиғи ўринбосари Аслиддин Маматмусаев. – Шунинг учун ҳам жаҳон бозорида энг харидоргир маҳсулотлардан ҳисобланади. Дастлаб бу экин Италияда етиштирилган, кейин Европанинг бошқа мамлакатларига тарқалган экан. Бугунги кунда бизнинг юртимизда ҳам айрим ҳудудларда экилмоқда. Туманимизда ҳам брокколи карамини кенг кўламда етиштириш йўлга қўйилмоқда. Маҳсулотни харид қилиш бўйича россиялик ҳамкорлар билан шартнома имзоланган. Бундан ташқари, жорий йилда 200 гектар ерга соя, 140 гектарга пирей пиёзи (лукпари), 60 гектар майдонга оқ пиёз сингари ноёб ўсимликлар экилган.
 

 

Манба: ЎзА